Сайт синов тарзда ишламоқда

Ахборот хизмати

2020

Соҳалар

Ўзкомназорат пластик карта рақами, муддати ва SMS орқали келган махфий кодни ошкор қилмасликни сўрайди

Сана: 29.06.2020

169

“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси аввал бир неча марта паспорт нусхасини ижтимоий тармоқлардан жўнатмаслик, ёлғон SMS хабарларларга ишонмаслик, Telegram’да таниқли брендлар номидан очилган “fake” каналлар ва гуруҳларга алданмаслик, пластик картага пул тушириб беришни ваъда қилаётган нотаниш кимсаларга ишонмасликни, шунингдек интернет орқали буюмлар харид қилиш ва сотишда шахсий ахборот хавфсизлигига риоя қилишни тавсия этганди. 

Шунга қарамай, Telegram’даги фирибгарлар схемаларига алданиб қолиш ҳолатлари учраб турибди. Жумладан, Гулистон давлат университети талабаси 30 миллион сўмга яқин пулларни фуқароларнинг пластик карталаридан ўғирлаб олгани, Фарғона давлат университети талабаси ҳам 20 миллион сўмга яқин маблағни интернет фирибгарлиги йўли орқали ўзлаштиргани бу борада хушёрликни ошириш лозимлигини кўрсатмоқда. 

“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси фуқаролардан бу каби фирибгарликдан огоҳ бўлишни, пластик карта суратларини, рақамларини Telegram’даги гуруҳларга жойламаслик, SMS хабарномадаги махфий рақамни ҳам ошкор этмаслик, шахсий маълумотларни (паспорт ва бошқа ҳужжатлар нусхалари) ижтимоий тармоқлар орқали юборишда эҳтиёткор бўлишни маслаҳат беради.