Сайт синов тарзда ишламоқда

Ахборот хизмати

2021

Соҳалар

“Ўзбеккино” миллий агентлиги маҳсулотларини ноқонуний тарқатган, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузган веб-сайт эгасига чора кўрилди

Сана: 17.09.2020

741

2020 йилнинг июль ойида Ўзбекистон муаллифлик ва турдош ҳуқуқ эгалари бирлашмаси томонидан йўлланган мурожаат асосида “Ўзкомназорат” давлат инспекцияси томонидан веб-сайтлардан бирида “Ўзбеккино” миллий агентлиги маҳсулотлари ноқонуний равишда рухсатсиз тарқатилаётгани аниқланди. 

Маълум бўлишича, сайт эгаси ташриф буюрувчилар, кўришлар сонини ошириш мақсадида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан тасвирга олинган фильмларни ноқонуний равишда сайтига жойлаштирган ва тарқатган. Фуқаро Қўқон шаҳридан туриб фаолият олиб боргани туфайли, Фарғона вилояти ҳудудий инспекцияси томонидан веб-сайтнинг эгасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1771-моддаси (Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш) бўйича баённома расмийлаштирилиб, Қўқон шаҳар маъмурий ишлар бўйича судига юборилди. Қўқон шаҳар маъмурий ишлар бўйича судининг 2020 йил 8 сентябрдаги қарорига мувофиқ фуқаро И.Ж. га нисбатан 1771-моддаси (Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузиш) бўйича базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида маъмурий жарима жазоси тайинланди.

Маълумот учун: Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1771-моддасига кўра асарлардан ёки турдош ҳуқуқлар объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш, худди шунингдек асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини такрорлаш, тарқатиш, барчанинг эътиборига етказиш ёхуд асарларнинг ёки турдош ҳуқуқлар объектларининг нусхаларида уларнинг тайёрловчилари ҳақида, уларни ишлаб чиқариш жойлари тўғрисида, шунингдек муаллифлик ҳуқуқининг ва турдош ҳуқуқларнинг эгалари ҳақида ёлғон ахборотни кўрсатиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса асарларнинг ва турдош ҳуқуқлар объектларининг контрафакт нусхаларини, шунингдек уларни такрорлаш ҳамда тарқатиш учун фойдаланиладиган материаллар ва ускуналарни ҳамда бошқа ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролларини мусодара қилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.