Сайт синов тарзда ишламоқда

Ахборот хизмати

2020

Соҳалар

Қозоғистонда янги интернет-фирибгарлик орқали 50 дан зиёд фуқаронинг пулларини ўзлаштириш ҳолатлари кузатилди

Сана: 14.10.2020

379

Интернет-фирибгарлар одамларга келтирган зиённинг умумий миқдори 2,5 миллион тенгени ташкил қилади. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, мамлакатдаги интернет-фирибгарлигининг янги шакли пайдо бўлган. 

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида 50 нафардан зиёд фуқароларнинг интернет-фирибгарларининг ёлғонларига алданиш ҳолатлари кузатилди.

Фирибгарлар Қозоғистондаги оммавий эълонлар сайтларига жойлаштирилган янги маълумотларни диққат билан кузатиб, янги эълон пайдо бўлиши билан маҳсулотини сотаётган фуқарога ижтимоий тармоқлар орқали мурожаат қилади. Фойдаланувчи товарини сотишга рози бўлганидан кейин фирибгарлар етказиб бериш хизматидан фойдаланишни таклиф этади. Розилик берган сотувчи ёки харидор фирибгарнинг тавсиясига кўра махсус фишинг сайтга йўналтирилади. Етказиб бериш хизматини кўрсатувчи сайт деб ўйлаб алданиб қолган мижоз фишинг сайтида анкета тўлдириб, банк картаси, CVV-код ҳамда картанинг муддати ҳақидаги ахборотларни у ерга юклайди. Оқибатда уларнинг шахсий маълумотлари учинчи шахслар ихтиёрига ўтади. Фишинг сайтларни веб-ресурснинг асл нусхаси билан фарқлаш жуда қийин, битта ҳарф ёки белги алмаштирилганини пайқаш мушкул. Фирибгарлар онлайн тарзда барча ахборотлардан нусха олиб, интернет банкинг орқали фойдаланувчининг шахсий қайдлар профилига киради ва у ердаги маблағни ўзлаштиради.

Қозоғистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг айтишича, ушбу фирибгарлик ёлғонига асосан нафақа ёшидаги кишилар, интернет-банкинг ҳақида тушунчага эга бўлмаган фуқаролар алданиб қолмоқда. Мутасаддиларнинг сўзларига кўра, фирибгарлик ҳолатлари юзасидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

“Ўзкомназорат” давлат инспекцияси Интернетда, ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда шахсий маълумотлар, банк пластик карточкаси рақамлари, паспорт ва бошқа муҳим ҳужжатларнинг нусхаларини бегоналарга ошкор этмаслик, онлайн-савдоларни амалга оширишда синовдан ўтган, ишончли Интернет-дўконлар, онлайн хизматларни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари хизматларидан фойдаланишни тавсия қилади.