Сайт синов тарзда ишламоқда

Ўзкомназоратнинг функция ва вазифалари

Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг (Ўзкомназорат) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлиги ва фаолиятининг ташкилий асосларини, шунингдек, унинг раҳбарлари функционал мажбуриятлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 21 ноябрдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4024-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси тўғрисидаги Низомида белгиланган.

Ўзкомназорат алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш ва муаллифлик ҳуқуқлари соҳасида фонограммалар, аудиовизуал асарлар, электрон ҳисоблаш машиналари (кейинги ўринларда — ЭҲМ) учун дастурлар тарқатилишида қонун ҳужжатларига риоя қилиниши юзасидан назоратни амалга оширувчи махсус мақомга эга ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Қуйидагилар юзасидан давлат назоратини амалга ошириш Ўзкомназоратнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

  1. алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиш;
  2. ўз ваколати доирасида почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари хизматларининг сифатли тақдим этилиши, даврий босма нашрлар, фонограммалар, аудиовизуал асарлар ва ЭҲМ учун дастурлар тарқатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш;
  3. фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатиш (сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказиш)да муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиш;
  4. норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, бошқа ташкилот ва идораларда «Электрон ҳукумат» тизимида инфратузилмани ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш;
  5. иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, интеграциялашган ахборот тизимларини, маълумотлар узатиш ва алмашишнинг идоралараро тармоқларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, давлат ахборот ресурслари интеграцияси, шу жумладан электрон давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги;
  6. «охирги миля» тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни, мультисервис алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси хизматларини ва даврий босма нашрлар тарқатишни кенгайтириш йўли билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш.

Ўзкомназорат ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

1) алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши юзасидан назорат соҳасида:

  • хўжалик юритувчи субъектлар томонидан лицензиялаш ҳақидаги қонун ҳужжатлари, лицензия битимлари бажарилиши, радиочастота спектридан фойдаланиш, почта алоқаси ва телекоммуникациялар тармоқларидаги, маълумотлар узатишдаги хавфсизлик, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик, телерадиоэшиттириш ва ахборот тизимларида хавфсизлик бўйича техник ва технологик талаблар бажарилишини назорат қилади, ўрганади ва текширади;
  • алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида лицензия талаблари ва шартларини бузган ҳолда, шунингдек, тегишли лицензияни расмийлаштирмасдан фаолиятни амалга ошираётган хўжалик юритувчи субъектларни аниқлайди, ўрганади ва текширади;
  • телекоммуникациялар, почта алоқаси, даврий босма нашрларни тарқатиш хизматларини кўрсатишда, шунингдек, телекоммуникациялар тармоқларини, шу жумладан мобил алоқа, радиоэлектрон воситалар, юқори частотали қурилмалар ва телекоммуникация тизимлари тармоқларини лойиҳалаш, қуриш, қайта қуриш, кенгайтириш ва фойдаланишда қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари, амалдаги нормалар ва қоидаларнинг бажарилишини назорат қилади ва текширади;
  • электр алоқа тармоқларининг умумий фойдаланишдаги алоқа тармоқларига уланиши қоидаларининг, жумладан уланиш шартларининг бажарилишини назорат қилади, ўрганади ва текширади;
  • радиоэлектрон воситаларни, юқори частотали қурилмаларни ва телекоммуникация тизимларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сотиб олиш (бериш) ҳамда чет элдан олиб келиш тартибини, почта ва телекоммуникациялар тармоқлари ва иншоотларида сертификатлаштирилган асбоб-ускуналар қўлланишини назорат қилади, ўрганади ва текширади;
  • радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг электромагнит мослашувчанлигини таъминлаш бўйича ташкилий-техник тадбирлар бажарилиши устидан назорат, текширув ва мониторинг олиб боради;
  • радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар радионурланишлари параметрлари, радиочастота спектридан фойдаланиш қоидаларига риоя қилиниши устидан назорат, текширув ва мониторинг олиб боради, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, радиочастота спектридан фойдаланиш ва электрон рақамли имзо соҳасида мониторингни олиб бориш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш масалаларида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
  • жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган ички назорат қоидаларига почта алоқаси операторлари, провайдерлари риоя этишини белгиланган тартибда мониторинг қилади, ўрганади, текширади ва назорат қилади;
  • почта алоқаси хизматлари ташкил этилишини, почта жўнатмаларини ва пул суммаларини сақлаш таъминланишини, почта жўнатмалари қабул қилиш, қайта ишлаш, топшириш технологияларига риоя этилишини ва уларнинг белгиланган назорат муддатларида ўтказилишини ўрганади ва текширади;
  • алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида қўлланадиган ўлчаш воситаларини текшириш ва калибрлаш тартибига риоя этилишини назорат қилади;
  • телекоммуникациялар, почта алоқаси, телерадиоэшиттириш тармоқларида ва ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигини таъминлаш ишларининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши юзасидан назоратни, ўрганишни ва текширувни ташкил этади;
  • алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, уларнинг олдини олиш, уларни аниқлаш ва уларга чек қўйиш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилишини таъминлайди;
  • мониторинг ва текширишлар натижалари бўйича аниқланган қоидабузарликлар ҳақида тегишли қарорлар қабул қилади, кўрсатмалар беради ва уларни бартараф этиш муддатларини белгилайди, шунингдек, лицензия берадиган органга хўжалик юритувчи субъектлар лицензияларининг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш тўғрисида таклифлар киритади, Ўзкомназорат ваколатларига кирмайдиган қоидабузарликлар бўйича материалларни белгиланган тартибда тегишли ваколатли органларга беради;
  • ўтказилган назорат натижаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради, аниқланган камчиликлар ва қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлайди, уларни тегишли давлат органларига кўриб чиқиш учун киритади;
  • алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ахборот хавфсизлигини, шу жумладан фойдаланилиши чекланган ахборотнинг ҳимояланишини таъминлаш, ахборотни криптографик ҳимоялаш соҳасидаги фаолият тури бўйича лицензия битимлари ва маҳсулотларни сертификатлаш шартларига риоя этиш масалалари борасида давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;
  • амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурий жазо чораларини қўллайди;

 

2) ўз ваколати доирасида почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари хизматларининг сифатли тақдим этилиши, даврий босма нашрлар, фонограммалар, аудиовизуал асарлар ва ЭҲМ учун дастурлар тарқатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш юзасидан назорат соҳасида:

  • республика ҳудудида жойлашган алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасидаги хўжалик юритувчи субъектларда почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялар, даврий матбуот нашрларини тарқатиш хизматлари параметрлари ва сифат кўрсаткичларининг амалдаги нормаларга мувофиқлиги юзасидан мониторинг, текширув ва назорат ўтказади;
  • техник воситалар ва ахборот тизимлари орқали телекоммуникациялар тармоқлари хизматларининг параметрлари ва сифат кўрсаткичларининг мувофиқлигини ўлчайди ва мониторинг олиб боради;
  • почта алоқаси, телекоммуникациялар ва даврий босма нашрларни тарқатиш хизматларини ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан, шунингдек, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий мансублигидан қатъий назар, бошқа ташкилотлар ва идоралар томонидан электрон давлат хизматларини кўрсатиш масалалари бўйича юридик ва жисмоний шахсларнинг мурожаатларини зарур ҳолатларда жойига бориб ҳамда тегишли ҳужжатларни ўрганган ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқади;
  • ваколатли давлат органлари томонидан тартибга солинадиган тарифлар рўйхатига кирувчи почта алоқаси ва телекоммуникациялар хизматларига тарифларнинг тўғри қўлланилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширади;
  • кўрсатиладиган хизматлар, тарифлар, хизматлар кўрсатиш қоидалари тўғрисидаги ахборотнинг, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий матбуот нашрларини тарқатиш соҳасида хўжалик юритувчи субъектларнинг иш тартиби ва уларни тартибга солувчи бошқа ахборотларнинг мавжудлиги ва фойдаланувчилар учун тушунарлилигини, шунингдек, улар томонидан кўрсатиладиган хизматлар ҳажмининг тўлиқлиги ва муддатларини назорат қилади;
  • Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий оммавий ахборот воситаларининг телерадио маҳсулотларини ва даврий нашрларини тарқатиш тартибига риоя қилинишини белгиланган тартибда назорат қилади, ўрганади ва текширади;
  • почта алоқаси, телекоммуникациялар ва даврий матбуот нашрларини тарқатиш хизматлари сифати бўйича статистик ҳисоботларнинг ишончлилигига риоя этилишини назорат қилади ва текширади;
  • ҳисобланган молиявий санкциялар (жарималар)нинг белгиланган муддатларга риоя қилинган ҳолда тўланиши ва тўланаётган молиявий санкциялар (жарималар)нинг суммаси тўғрилигини назорат қилади;
  • алоқа маҳсулотлари сифатига ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, телекоммуникациялар воситалари параметрларига, радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмалар радионурланишларига тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник регламентлар, стандартлар, техник шартлар, қоидалар, йўриқномалар, лицензия талаблари ва шартлари лойиҳаларини кўриб чиқади ва улар бўйича хулосалар беради;
  • алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, техник регламентлар, стандартлар, нормалар, қоидалар ва бошқа норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш, қайта кўриб чиқиш бўйича буюртмачи функцияларини бажаради;

 

3) фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатиш (сотиш, ижарага бериш, барчанинг эътиборига етказиш)да муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши юзасидан назорат соҳасида:

  • фаолиятни амалга оширишда лицензия битим талаблари ва шартларининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилишини назорат қилади, ўрганади ва текширади;
  • фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурларни тарқатишда муаллифлик ҳуқуқларига риоя этилишини ўрганади, мониторинг қилади ва текширади, унинг якунлари бўйича тегишли хулосалар тайёрлайди;
  • аудиовизуал асарлар, фонограммалар ва ЭҲМ учун дастурларни сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказиш бўйича фаолиятни амалга оширадиган хўжалик юритувчи субъектларни текшириш натижаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради ҳамда таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигига тақдим этади;
  • Интернет тармоғида муаллифлик ҳуқуқи объектлари ноқонуний тарқалишини (барчанинг эътиборига етказилишини) бартараф этиш чораларини кўради;

 

4) норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотларида, шунингдек, бошқа ташкилотлар ва идораларда «Электрон ҳукумат» тизимида инфратузилмани ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш соҳасида:

  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, шунингдек, алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳаси корхоналари ва ташкилотларида «Электрон ҳукумат» тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш жараёнларини белгиланган тартибда ўрганади, мониторинг қилади ва текширади;
  • «Электрон ҳукумат» тизимида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасининг жорий ҳолатини ўрганади ва текширади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, шунингдек, бошқа ташкилот ва идораларда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талаблари бажарилишини назорат қилади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида, шунингдек, бошқа ташкилотлар ва идораларда ахборот ресурслари ва электрон давлат хизматларининг мавжудлиги ҳамда улардан фойдаланишнинг имкони яратилганлиги устидан мониторинг ва текширув олиб боради;

 

5) иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, интеграциялашган ахборот тизимларини, маълумотлар узатиш ва алмашишнинг идоралараро тармоқларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, давлат ахборот ресурслари интеграцияси, шу жумладан электрон давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги юзасидан назорат соҳасида:

  • иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, интеграциялашган ахборот тизимлари, маълумотлар узатиш ва маълумотлар алмашишнинг идоралараро тармоқларини жорий этиш ҳамда улардан фойдаланиш, давлат ахборот ресурслари интеграцияси ҳолатини таҳлил қилади, баҳолайди ва текширади;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш жараёнлари устидан олиб борилган мониторинг ва текширув натижаларини таҳлил қилади ва умумлаштиради, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли хулоса ва таклифлар тайёрлайди;
  • давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ахборот-коммуникация технологияларининг ҳолати ва уларни ривожлантириш тўғрисида ахборотларнинг ишончлилиги таъминланиши ва ўз вақтида тақдим этилишини ўрганади, текширади ва мониторингини олиб боради;

 

6) «охирги миля» тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни, мультисервис алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси хизматларини ва даврий босма нашрлар тарқатишни кенгайтириш йўли билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш юзасидан назорат соҳасида:

  • қонун ҳужжатларига мувофиқ телекоммуникация тармоқлари, ахборотлаштириш тизимлари ва воситалари яратилиши ва ишлатилиши бўйича хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини текширади, ўрганади ва назорат қилади;
  • алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари тармоқларининг янгидан қуриладиган ва қайта қуриладиган объектларини фойдаланишга қабул қилиб олиш комиссияларида қатнашади.