Сайт синов тарзда ишламоқда

Ўзкомназорат тарихи

Ўзбекистон Республикаси ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси тарихи

Давлат алоқа инспекцияси давлат органи сифатида Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 16 январдаги 13-сон қарори ва Алоқа Вазирлигининг буйруғи асосида 1991 йилнинг 1 февралида ташкил этилган. Янги ташкилотнинг фаолияти почта ва телекоммуникация соҳасидаги носозликлар, камчиликлар, сифат кўрсаткичлари ҳамда уларнинг стандартлар бўйича истеъмолчилар талабига жавоб беришини назорат қилишдан иборат бўлган.

Республикамиз мустақилликка эришгач:

  • 1992 йил 13 январда “Алоқа тўғрисида”ги;
  • 1993 йил 6 майда “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги;
  • 1993 йил 2 сентябрида “Давлат статистикаси тўғрисида”ги;
  • 1993 йил 28 декабрда “Метрология тўғрисида”ги ва “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида”ги;
  • 1994 йил 6 майда “Фуқаролар мурожаатлари тўғрисида”ги бир қатор янги қонунлар қабул қилинди.


Шундай қилиб, алоқа соҳасида ҳам истиқболли янгиланишлар даври бошланди.

1996 йилнинг 26 апрелига келиб “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 175-сон қарори билан “Алоқа ва транспорт соҳасида лицензиялаш низоми”нинг қабул қилиниши соҳанинг ривожланишига яна бир туртки бўлди.

Демократик жамият сари босқичма-босқич одимлаётган мамлакатимиз ана шу жамиятнинг асосий тамойили ва асоси бўлмиш матбуот эркинлигини таъминлаш учун 1997 йилнинг 26 декабрида “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни қабул қилди. Бу жараён эса жамиятни ахборот билан таъминлаш борасида бир қатор қонуний ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинишига сабаб бўлди, яъни лицензиялаш, маҳсулот ва хизмат сертификатлаш, чет эл техника воситалари олиб келиниши тартибларининг тасдиқланиши билан алоқа соҳасида етарли қонуний асослар яратилди.

Буларнинг барчаси Алоқа инспекцияси фаолиятида кескин ўзгаришларга сабаб бўлди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 10 июлдаги 293-сон қарори билан Ўзбекистон Республикасида почта ва телекоммуникациялар хўжалик юритувчи субектлари фаолияти устидан давлат назоратини ўрнатиш бўйича Алоқа инспекцияси тўғрисидаги янги низом тасдиқланди. Мазкур низомга кўра Алоқа инспекцияси ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва фармойишларига, бутунжаҳон почта уюшмаси Конвенцияси ва битимга, Электралоқа Халқаро Уюшмаси тавсияларига ва бошқа норматив ҳужжатларга амал қилган ҳолда иш олиб бориши белгилаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида” 2012 йил 16 октябрдаги ПФ-4475-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги 2012 йил 23 октябрдаги ПҚ-1836-сон қарорига мувофиқ, шунингдек Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида давлат бошқарувини янада такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 19 декабрдаги 355-сон қарори билан Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси тўғрисидаги низоми тасдиқланди. Унга кўра, Инспекцияга:

  • давлат ва хўжалик бошқаруви органларида, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида мақсадли йўналишлар ва белгиланган нормаларга мувофиқ инфратузилмани ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишнинг ҳолати назорат қилиш;
  • почта ва телекоммуникациялар, даврий матбуот нашрларини тарқатиш соҳасида хўжалик юритувчи субъектлар томонидан кўрсатиладиган хизматлар сифати ҳамда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўриш;
  • радиоэлектрон воситалар ва юқори частотали қурилмаларнинг лойиҳалаштирилиши ва қурилиши ҳамда улардан фойдаланишда давлат, тармоқ стандартлари, амалдаги нормалар, қоидалар бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • юридик ва жисмоний шахсларнинг ариза ва шикоятлари амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқиш ҳамда давлат органлари томонидан тартибга солинадиган почта ва телекоммуникациялар хизматлари тарифларининг амалда тўғри қўлланилишини текшириш каби вазифаларни ижро қилиб келган.

 

Кейинчалик соҳани жадал ривожланиш, назорат механизмларини такомиллаштириш, сифатли алоқа ва электрон давлат хизматларини кўрсатилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 19 февралдаги ПФ-5349-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” 2018 йил 19 февралдаги ПҚ-3549-сон қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармон ва Қарорини ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекция тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида” 2018 йил 1 майдаги 318-сон қарорнинг 2-иловаси билан Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича инспекцияси тўғрисидаги янги низом тасдиқланди.

Мазкур қарор билан Алоқа инспекциясига фонограмма, аудиовисуал асарлар тарқатилишида ҳамда дастурий маҳсулотларнинг муаллифлик ҳуқуқларини назорат қилиш ваколатлари ҳам берилди.

2018 йил 21 ноябрда “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4024-сон Қарори қабул қилинди.

Қарорда:

  • алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари, даврий босма нашрларни тарқатиш соҳасида қонун ҳужжатлари, норматив ҳужжатлар ва давлат стандартлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • ўз ваколати доирасида почта алоқаси, ахборот технологиялари ва телекоммуникациялари хизматларининг сифатли тақдим этилиши, даврий босма нашрлар, фонограммалар, аудиовизуал асарлар ва ЭҲМ учун дастурлар тарқатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини таъминлаш устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • фонограммалар, аудиовизуал асарлар, ЭҲМ учун дастурлар тарқатишда (сотиш, ижарага бериш ва барчанинг эътиборига етказишда) муаллифлик ҳуқуқлари соҳасидаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга риоя қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига мувофиқ давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, бошқа ташкилот ва идораларда “Электрон ҳукумат” тизимида инфратузилмани ривожлантириш ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;
  • иш ва бошқарув жараёнларини автоматлаштириш, интеграллашган ахборот тизимларини, маълумотлар узатиш ва алмашишнинг идоралараро тармоқларини жорий этиш ва улардан фойдаланиш, давлат ахборот ресурслари интеграцияси, шу жумладан, электрон давлат хизматлари кўрсатиш самарадорлиги;
  • “охирги миля” тамойили бўйича Интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланишни, мултисервис алоқа тармоқлари технологияларини, мобил алоқа бозорини, бошқа замонавий телекоммуникация хизматларини, шунингдек, почта алоқаси хизматларини ва даврий босма нашрлар тарқатишни кенгайтириш йўли билан телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш устидан давлат назоратини амалга ошириш Давлат инспекциясининг асосий вазифалари этиб белгиланди.


2019 йил 14 сентябрда “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларининг жорий этилишини назорат қилиш, уларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” ПҚ-4452-сон Қарори қабул қилинди. Мазкур қарор билан “Ўзкомназорат” давлат инспекциясига Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари талабларини бузган ахборот соҳаси субъектларига нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўриш ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот бериш вазифалари ҳам юкланди.